Самарали бошқарувнинг асоси – малакали кадрлар

Самарали бошқарувнинг асоси – малакали кадрлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 апрелдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 212-сонли қарорига асосан тасдиқланган Низомга мувофиқ, давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш фаолияти 12 та муҳим стратегик индикатор асосида баҳолаб борилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан 2026 йилнинг I ярим йиллик якунлари бўйича давлат органларининг “hrm.gov.uz” электрон платформасига киритилган маълумотлари асосида соҳадаги илк рейтинг натижалари эълон қилинди.
Рейтинг натижаларига кўра, Сув хўжалиги вазирлигининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолияти вазирликлар ўртасида энг юқори ўринни эгаллаб “аъло” деб топилди. HR фаолияти юқори баҳога лойиқ кўрилган жами 20 та давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти органлари орасида Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги ҳамда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳам бор.
Таъкидлаш жоизки, вазирлик тизимида сўнгги йилларда инсон капиталини ривожлантириш, соҳага билимли ва малакали кадрларни жалб қилиш ҳамда иш жараёнларини шаффофлаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.
Мазкур натижа вазирлик тизимида сўнгги йилларда кадрлар сиёсатига қаратилган тизимли ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Хусусан, вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотларида кадрлар ҳисоби ҳамда ҳужжат айланиши 100 фоиз “hrm.gov.uz” платформасига интеграция қилинди.
Бўш иш ўринларига ходимларни қабул қилиш очиқ танловлар асосида ташкил этилмоқда, ходимлар меҳнат самарадорлигини баҳолашда KPI тизими қўлланилмоқда. Шу билан бирга, ишчи-ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш мақсадида ўқув курслари ва малака ошириш тадбирлари тизимли йўлга қўйилган.
Эришилган юксак натижа Сув хўжалиги вазирлигида инсон капиталига устувор аҳамият қаратилаётгани, кадрлар билан ишлашда очиқлик, шаффофлик, рақамлаштириш ва натижадорлик тамойиллари изчил жорий этилаётганининг эътирофидир.
 

14-09-2026, 14:10
Sahifaga qaytish